Жаҳон банки чорвачиликни ривожлантиришнинг иккинчи босқичида ҳам иштирок этади

Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов ва Жаҳон банкининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат масалалари бўйича минтақа раҳбари Фрауке Юнгблут ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда маълум қилинди.

Қайд этилишча, ҳозирги кунда мамлакатимизда Жаҳон банки билан биргаликда қиймати 300 млн. АҚШ долларига тенг бўлган “Чорвачилик соҳасини ривожлантиришнинг иккинчи босқич лойиҳаси” бўйича ишлар бошланган. Лойиҳа тижорат кредит линиясини амалга оширишдан узоқлашиб, инфратузилма ва институционал ривожланиш ҳамда инсон капиталини ривожлантиришни қамраб олади.

Инфратузилмани ривожлантиришда чорвачилик мажмуаларини “фойдаланишга тайёр ҳолда” ташкил этиш, шунингдек уларни лизинг шартлари асосида хусусий секторга бериш назарда тутилган.

Мазкур ёндашувнинг афзаллиги шундаки, тадбиркорларга ер ажратиш бўйича масалаларни ҳал этиш, гаров таъминотини талаб қилмаслик ва иқлим талабларига мос замонавий чорвачилик мажмуаларини ташкил этиш жуда енгил кечади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизнинг барча ҳудуларини қамраб олган Жаҳон банки иштирокидаги “Ўзбекистон республикасида чорвачилик соҳасини ривожлантириш” лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида юқори натижаларга эришилди.

Яъни, янги иш ўринлари ташкил этиш орқали қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси яхшиланди. Чорвачилик сектори даромади оширилди. Фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари қўллаб-қувватланди. Чорвачилик соҳаси янада ислоҳ қилинди.

Хусусан, 518 та сублойиҳа доирасида хорижий давлатлардан 32 минг бошга яқин наслли йирик шохли қорамол, 24 минг бош майда шохли мол келтирилди. Энг сўнги илғор технологиялар асосида 51 тонна сутни қайта ишлаш ускуналар, 42 тонна чорва озуқа моддаларини қайта ишлайдиган дастгоҳлар, 2,2 млн бош паррандани боқишга мўлжалланган жиҳозлар, соатига 2 тонна гўштни қайта ишлаш ускуналари, йилига 10,2 минг тонна балиқни қайта ишлаш ускуналари, 117 дона қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилинди.

Натижада 6,5 мингдан зиёд доимий ишчи ўрни яратилди.

Манба: human.uz