Орзулар амалиётга, чин воқеликка айланмоқда…

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобининг илк саҳифаси «Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш, истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив вазиятдир», деган таъриф билан бошланади.

Бугун ёш авлод онгида Учинчи Ренессанс сари дадил одимлаб бораётган янги Ўзбекистонга муносиб бўлиш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш вазифаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, янги жамиятнинг навқирон авлоди нафақат пухта билимли, юксак салоҳиятли, балки ўз тақдирини мамлакат тақдири билан чамбарчас боғлаб, ижтимоий фаолликни муносиб намоён эта олиши муҳимдир.

Бу борада Президентимизнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» асари мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш нуқтаи-назаридан амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиётимизнинг истиқболлари ҳақидаги муҳим манбадир. Ушбу китоб халқимизнинг тараққиёт даври асосларини яратиш билан боғлиқ эзгу орзу-интилишлари, уларни амалга ошириш борасидаги энг муҳим вазифаларни атрофлича таҳлил этишга хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, асарда яқин ва ўрта истиқболдаги янги Ўзбекистон қиёфаси мутлақ акс эттирилган. Асарни ўқир эканмиз буни тасаввур қилиш мушкул эмас.

Сўнгги беш йил мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз кундалик ҳаётида теран ҳис этаётган беқиёс ўзгариш, янгиланиш ва туб ислоҳотлар даври бўлди. Мен ушбу даврни мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, ветеринария ва чорвачилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар мисолида фахр билан тилга оламан.

Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 июндаги ПФ-5067-сон ва 2019 йил 28 мартдаги ПФ-5696-сон Фармонларига асосан ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида давлат бошқаруви тизими тубдан такомиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди.

Соҳани ривожлантиришда маҳсулот етиштириш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва реализация қилишда «Хўжаликдан дастурхонгача» тамойили асосида механизм йўлга қўйилди ҳамда аввал бўлмаган янгиланган бошқарув тизими жорий этилди.

Бунда, чорва молларининг наслини яхшилаш, озуқа базасини янада мустаҳкамлаш, чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектлари улушининг оширилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, наслчилик-селекция ишларини юритишнинг илмий асосланган инновацион услубларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари орасидаги эпизотик осойишталик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда яратилган фаол инвестицион муҳит қатор халқаро ташкилотлар ва молия институтларини турли соҳа ва тармоқларга грант ва имтиёзли кредит маблағларини жалб этишига асос бўлди. Жумладан, сўнгги 5 йил давомида ветеринария ва чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро тараққиёт уюшмаси, Осиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалиги тараққиёти халқаро жамғармаси томонидан 466 млн. доллар миқдоридаги имтиёзли маблағлар жалб қилинди. Шундан 25 млн. доллари грант маблағлари ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари «Янги Ўзбекистон стратегияси» асарида халқимиз манфаатлари, аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши, халқ давлат учун эмас, балки давлат органлари халқ учун хизмат қилиши лозимлиги тўғрисида бир неча бор тўхталиб ўтади.16:22Ушбу жумлаларни ўқир эканман, фаолият мазмунидан келиб чиқиб, сўнгги йилларда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин. Хусусан, аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашни ривожлантириш мақсадида чорвачилик кластерлари ташкил этилди. Сўнгги беш йилда чорвачилик хўжаликлари сони 18 032 тага етказилди. Шундан, қорамолчилик йўналишида 7 614 та, қўй ва эчкичилик 3 263 та, йилқичилик 142 та, туячилик 52 та, паррандачилик 1 163 та, балиқчилик 4 829 та, асаларичилик 715 та ва қуёнчиликда 254 тани ташкил этмоқда.

Чорвачилик тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 7,2 трлн. сўмлик 1 828 та лойиҳалар амалга оширилиб, янгидан 21 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 132,8 млн. доллар хорижий кредит линиялари, 110,8 млн. доллар хорижий инвестициялар, 2,3 трлн. сўм банк кредитлари ҳамда 2,3 трлн. сўм ташаббускорларнинг ўз маблағлари йўналтирилди. 

Асарда таъкидлаганидек «Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ер майдонларининг тўлиқ хусусий кластерларга берилгани ҳосилдорлик ортишига хизмат қилмоқда». Чунончи, биргина чорвачилик кластерлари учун 2021 йилда чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида озуқабоп экинлар экиш учун 339,7 минг гектар ажратилган асосий ер майдонларидан 37 минг гектарига янги беда, 158,5 минг гектарига силос учун маккажўхори, 31,8 минг гектарига оқ жўхори, 13,8 минг гектарига хашаки лавлаги экинлари экилди ва бу ишлар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бугун Янги Ўзбекистон орзуси амалиётга, реал воқеликка айланмоқда. Аммо, бу осон иш эмас албатта, елкамизда катта масъулият, олдинда эса улкан вазифалар турибди. Бу йўлда жипслик, ҳамжиҳатлик, бир ёқадан бош чиқариш муҳим эканлигини ҳам теран англаш жоиз.

Жаҳон бозоридаги иқтисодий вазият мураккаблашган бир даврда мамлакатимиз иқтисодиётининг мунтазам такомиллашиб боришини таъминлайдиган механизмларини жорий этиш, барқарор иқтисодий тараққиёт билан боғлиқ вазифаларни пухта белгилаб олиш масаласи долзарб аҳамият касб этаётгани асарда алоҳида таъкидланган. Бундан кўриниб турибдики, амалий натижадорликка кўра, инсон манфаатлари иқтисодий ислоҳотларимизнинг асосий негизи ҳисобланади.

Муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсати, иқтисодиёт соҳасидаги билим ва тажрибаси ҳамда юксак сиёсий тафаккури бутун жаҳон мамлакатларини мислсиз таҳликага солган короновирус пандемияси шароитида, шунингдек, мамлакатимизда юз берган Сардоба тумани ва Бухоро вилоятларидаги талафотларда халқимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва фавқулодда ҳолатни бартараф этиш борасидаги азми шижоатида яққол намоён бўлди. Юртбошимиз ушбу масалаларга алоҳида тўхталиб ўтар экан, «Юз берган табиий ва техноген офатлар ва уларни бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни эл-юртимизнинг мардлиги ва матонати, меҳр-оқибати, сабр-тоқати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида енгиб ўтилган қийинчиликлар» дея таърифлайди.

Асарни ўқир экансиз, сўнгги беш йилда амалга оширилган ислоҳотлар бирин-кетин кўз олдимизда намоён бўлади. Шу билан бирга, келгусида бажаришимиз шарт бўлган ишлар, жумладан асарда келтирилганидек “Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий стратегияси 2030 йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингида дунёнинг 50 та етакчи давлати қаторига кириш ва бу улкан мақсадга эришишда инсон капиталини ривожлантиришни назарда тутади» каби сатрлар кишини янада руҳлантиради.

Иқтисодий стратегиямизнинг муҳим банди — 2030 йилга қадар муносиб ҳақ тўланадиган 10 миллионта янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни бартараф этиш, ишсизлик даражасини 2030 йилда 5,2 фоизга, инфляцияни эса 15,2 фоиздан 4,3 фоизга пасайтиришга эришамиз, дея қайд этилиши аниқ ва кўзланган улкан мақсадлар сари интилишимизга асос бўлиб хизмат қилади, — дейилади асарда. Шунингдек, Янги Ўзбекистон модернизациялашган иқтисодиётга таяниши, бундай иқтисодиётни шакллантириш учун ундаги давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг ролини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш зарурлиги тўғрисидаги жумлалар ҳар бир соҳа раҳбари олдига улкан вазифаларни қўяди.

Ушбу вазифаларни ҳал этиш хусусида ҳам аниқ ва лўнда жавоб мавжуд: чунончи, ушбу мақсадларга эришиш учун, аввало, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ишончли ҳимоя этишни таъминлаш, барча турдаги тўсқинлик ва чекланишларни бартараф этишни устувор вазифа, деб ҳисоблаш ҳам кўзда тутилган.

Президентимиз таълим-тарбия, олий таълим жараёнлари ва илмий соҳага бир неча бор алоҳида урғу берадилар. Жумладан, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!» дея қайд этилган жумлалар негизида жуда катта маъно мужассам. Ушбу сўзларни ўқир эканман, мамлакатимизда таълим соҳасида, жумладан олий таълим, халқ таълими ва мактабгача таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар кўз олдимда гавдаланади.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасаларининг кўлами кенгайтирилганлиги ҳар бир соҳада малакали кадрларга бўлган реал эҳтиёжларни қондирилишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Қўмита тизимидаги Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг ташкил этилиши ҳам соҳада кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш, юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, яратилган имкониятлар, жумладан, моддий-техник таъминотнинг яхшиланганлиги, ойлик маошларнинг сезиларли даражада оширилганлиги, уй-жой билан таъминлаш ва бошқа имтиёзлар жорий этилганлиги профессор ўқитувчиларнинг фаолиятида кескин бурилишга олиб келди.

Миллат Сардорининг «Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азми-шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади», деган сўзлари бутун халқимиз, хусусан, келажак бунёдкорлари бўлган ёш авлоднинг онгу тафаккурини бойитиши, «Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият» концепциясининг ҳаётий аҳамияти ҳақидаги мулоҳазалар алоҳида аҳамиятлидир.

«Янги Ўзбекистон стратегияси» барчамиздан фидойилик ва бунёдкорликни талаб этади. Давлатимиз раҳбарининг мазкур китоби давримизнинг глобал муаммоларидан тортиб Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги барча йўналишлар, барча тармоқлар, жамики соҳаларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш билан бирга, олдимизда турган муҳим вазифалар хусусида йўл кўрсатади.

Ишонч билан айтамизки, мазкур асар Ўзбекистонни эркин ва бахтли одамлар яшайдиган қудратли давлатга айлантиришнинг асоси ва бугунги кунда ҳар бир катта-кичик раҳбар учун асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Баҳром НОРҚОБИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария

ва чорвачиликни ривожлантириш давлат

қўмитаси раиси, ветеринария фанлари номзоди

Манба: uza.uz