ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ РАИСИНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 10 апрель куни “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги муҳим Қонунни имзолади. Ушбу Қонунга асосан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган 21 октябрь санасининг “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг янги тарихи, янги тараққиёт босқичида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг юксак самараси, мустақил Ватанимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётидаги улкан тарихий воқеадир.

Қадрли ватандошлар!

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда миллий ифтихоримиз рамзи, маънавиятимиз кўзгуси ҳисобланган ўз она тилимиз – Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрўси тобора ошиб бормоқда. Ўзбек тили бугун юксак минбарларда баралла янграмоқда.

Тил бу – миллатнинг руҳи, миллатнинг онгу тафаккуридир! Негаки, тил яшаса, миллат ҳам яшайди. Тилнинг юксалиши миллатнинг юксалиши, демакдир.

“Давлат тили ҳақида”ги Қонун она тилимизнинг бор гўзаллигини, жозибаси ва имкониятларини тўла-тўкис намоён этишига ишонамиз.

Эндиликда унинг обрўсини жаҳон миқёсида янада ошириш ва кенг тарғиб этишга барчамиз бирдек ҳисса қўшишимиз даркор!

Азиз юртдошлар!

Барчани, кўп миллатли Ўзбекистон халқини ушбу қутлуғ сана – Ўзбек тили байрами куни билан чин дилдан муборакбод этаман!

Она тилимизнинг нуфузи, обрўси янада юксалаверсин!

Баҳром Норқобилов,

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси раиси