Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги 3 мингдан ортиқ кадр ўрта махсус маълумотга эга

Юртимизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш, чорвадор ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, аҳолини гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Соҳани ривожлантиришда эса малакали кадрлар муҳим ўрин тутади.   

Президентимизнинг шу йил 1 апрелда қабул қилинган “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу борада долзарб аҳамиятга эга ҳужжат бўлди.   

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов мазкур қарорнинг аҳамияти, бугунги кунда соҳада кадрларга бўлган эҳтиёж хусусида қуйидагиларни қайд этди: 

– Бугунги кунда ветеринария ва чорвачилик соҳасида 8000га яқин кадр фаолият кўрсатмоқда. Аммо уларнинг 3 мингдан ортиғи ўрта махсус маълумотга эга. Айни пайтда соҳада 2 мингга яқин кадрга эҳтиёж бор.   

Президентимизнинг “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳа ривожи ҳамда ветеринария ва чорвачилик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришда долзарб аҳамиятга эга ҳужжат бўлди.  

Қарорга кўра, Самарқанд ветеринария медицинаси институти фаолияти кўламини кенгайтириш, халқаро нуфузини ошириш мақсадида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига айлантирилди. Бу эса мазкур даргоҳнинг илмий тадқиқотларни тизимли олиб бориш, инновацион таълим ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш, таълим ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаш борасидаги фаолиятини кенгайтиради. 

Мазкур қарор билан университет зиммасига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш вазифаси юклатилди. Таъкидлаш жоизки, авваллари Ветеринария факультетига бир йилда 25 та қабул бўлар эди. Институтнинг университетга айлантирилиши натижасида йилига 2500 кадр тайёрлаш имконияти юзага келди. 

Бундан ташқари, университетга соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимлар тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилади. Бу эса соҳада кўп йиллик тажрибаси бўлган ходимларнинг олий маълумотли бўлиб, янада малакали кадр сифатида соҳа ривожига ҳисса қўшишига замин бўлади.    

Манба: uza.uz