“ЎЗНАСЛЧИЛИК” ДАВЛАТ КОРХОНАСИДА ХАЛҚАРО СЕМИНАР

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни “Ўзнаслчилик” давлат корхонасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Европа-Ўзбек Иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси (EUROUZ) биргаликда “Селекция ва наслли қорамолларни етиштириш методологияси” мавзусида халқаро семинар-тренинг ўтказди.

Ушбу тадбирда Бельгия Льеж университети профессори Паскаль Лерой гўшт йўналишидаги Бельгия кўк зотини яратилиш тарихи ва маҳаллий зотлардан фойдаланиб Ўзбекистон минтақасида гўшт етиштириш ҳажмини янада кўпайтиришни ташкил этиш юзасидан тақдимот ўтказди.

Келгусида “Ўзнаслчилик” давлат корхонасида Бельгия кўк зотли наслли буқаларни кўпайтириш, улардан юқори сифатли уруғ олиш ва сунъий уруғлантириш кўламини кенгайтириш ҳисобига гўшт етиштириш ҳажмини янада ошириш мақсадида жойларга етказиб беришни йўлга қўйиш масалалари келишиб олинди.

Шунингдек, тадбирда АҚШнинг йирик шохли қорамолларнинг экспортчилари уюшмаси раисининг ўринбосари Кваздорфф Жерардо Энрике наслчилик соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мамлакатда наслли чорва молларини етиштиришни Америка тажрибаси бўйича кўпайтириш юзасидан талифлари билан иштирок этди.

Хорижий меҳмонлар “Ўзнаслчилик” давлат корхонасида наслли буқаларни парваришлаш ва сифатли уруғ тайёрлаш жараёнлари билан танишиб, уруғ сифатига ижобий баҳо бердилар.

Энг муҳими Паскаль Лерой ва Кваздорфф Жерардо Энрике Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг чорвачилик масалалари бўйича Маслаҳатчиси лавозимига қабул қилиндилар.

Халқаро семинар-тренингда республиканинг барча ҳудудларидан наслчилик соҳасига алоқадор ташкилотларнинг раҳбарлари, вакиллари, илмий-тадқиқот институти олимлари ҳамда малакали кадрлар иштирок этдилар.