«Ўзбекистонда гўшт маҳсулотларини арзонлаштиришда Туркия моделини қўллаш самара беради» — эксперт Абдумалик Номозов

Ўзбекистонда чорва ҳайвонларини боқишдан самарали натижа олишда Туркия модели мос тушади. Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган «Чорвачиликни барқарор ривожлантиришни стратегик режалаштириш» мавзусида минтақавий конференцияда миллий эксперт Абдумалик Номозов «Дарё»га маълум қилди.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Аграр сиёсат масалалари бўйича миллий эксперти Абдумалик Номозовнинг алоҳида таъкидлашича, икки турдаги мамлакатнинг тажрибаларни ўрганиш ва уларни Ўзбекистонда қўллаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

«Биз тажрибаларни ўрганмоқчи бўлган мамлакатларни икки хил типга ажратиш мумкин. Биринчиси, Шарқий Европа давлатлари, яъни бозор иқтисодиёти анча ривожланган давлатлар. Иккинчи хилдаги давлатларга эса айнан бизнинг давлатимиз каби собиқ совет мамлакатлари киради. Биринчи турдаги мамлакатлардан бозор иқтисодиёти тамойилларини мослаштиришни ўрганаётган бўлсак, иккинчи хилдаги мамлакатлардан мустақилликка эришгандан сўнг қайси моделлардан фойдалангани кўриб чиқилмоқда», — деди Абдумалик Номозов.

Экспертнинг айтишича, ўрганилган мамлакатлар ичида Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида Туркия моделини қўллаш кўпроқ тўғри келади.

«Сабаби иқлими, шароити, географик жойлашуви бизга анча мос. Хусусан, уларда ҳам ер ресурслари анчайин чекланган, қурғоқчилик зоналари кўп. Шу боис Туркия моделини Ўзбекистонда татбиқ этиш ҳам осон ва фойдали бўлади. Бу озуқа базасини тўғри шакллантиришда ҳам, чорва ҳайвонларини боқишда ҳам, гўшт маҳсулотлари нархини нормаллаштиришда ҳам самарали натижа беради», — деди олим.

Унинг қўшимча қилишича, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда яйловларнинг кўплиги учун вазият биздан анча фарқли.

«Мамлакатимизда ер ресурсларимизнинг чекланганини ҳисобга оладиган бўлсак, айнан уларнинг модулларини тўлиқ ўзимизда татбиқ этишимизнинг имкони йўқ», — деди Абдумалик Номозов.

Манба: daryo.uz