Ўзбекистон – Озарбайжон бизнес форуми

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Озарбайжон бизнес форуми ва икки мамлакат ишбилармонларининг B2B шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг юртимизга ташрифи доирасида ўтказилган ушбу тадбир мамлакатларимиз иқтисодий салоҳияти ва кўп қиррали ўзаро ҳамкорлиги кўламини яққол намоён этди. 

Икки давлат вазирлик ва идоралари, бизнес доиралари ҳамда саноат бирлашмалари вакилларидан иборат юздан зиёд ишбилармон иштирок этган анжуманда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди. 

Форумда томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов бошчилик қилди. 

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари иқтисодий муносабатни кенгайтириш, инвестиция, саноат ва савдо соҳасида ишга солинмаган салоҳият ҳамда нефть-кимё, кимё, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик, автомобилсозлик ва бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш учун имконият мавжудлигини қайд этди. 

Мулоқот чоғида иқтисодий ҳамкорликнинг изчил диверсификация қилиниши ўзбек-озарбайжон тадбиркорларига янги қиймат занжирини яратиш ва биргаликда учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш имконини бериши маълум қилинди. 

– Ишбилармон тадбиркорлар иштирокида ўтган мазкур анжуман долзарблиги билан муҳим, – деди делегация раҳбари Микаил Жабборов. – Ўзбекистоннинг йирик компанияси билан ҳамкорликда, “Azermash” заводи негизида автомобилларни йиғиш лойиҳаси муваффақиятли шериклигимиз намунаси. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, айниқса, пахта ва тўқимачилик саноатидаги тажрибаси бизда катта қизиқиш уйғотганини алоҳида таъкидлайман. 

Бизнес-форум давомида транспорт ва логистика ҳамда ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларидаги қўшма лойиҳа ва ташаббуслар ҳақида ҳам сўз юритилди. 

Қайд этилишича, икки мамлакат ҳудудлари орқали юк ташишни кўпайтиришни рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар жорий қилиниши эълон қилинди. Бу, ўз навбатида, транспорт ва логистика соҳасида мамлакатларимиз алоқасини чуқурлаштиради. 

В2В шаклидаги учрашувлар икки томон бизнес вакилларига ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этиш, экспорт салоҳияти ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашиш имконини яратди. 

Форум якунида умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ қўшма лойиҳа ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича битим, шунингдек, икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида амалий ҳамкорлик тўғрисида ўнта келишув имзоланди. 

Манба: uza.uz