Учқўрғон замонавий балиқчилик драйвери асосида ривожланади

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳамда сектор раҳбарлари Учқўрғон туманида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ишчи гуруҳ дастлаб Ёғду маҳалласидаги “King Fish Export” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди. 
Тадбиркор Исматилла Юсупов раҳбарлигидаги корхонанинг 10 гектар майдонида интенсив усулда форель етиштирилади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 64 миллиард сўм маблағ сарфланди. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми ўртача 75 миллиард сўм, экспорт қиймати эса 4 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 

Жорий йилнинг 15 март куни Дания давлатидан келтирилган 200 минг дона форель балиғи увилдириғи ҳовузларга ташланди.

Лойиҳа жорий йилнинг учинчи чорагида тўлиқ ишга туширилгач, 100 та янги иш ўрни яратилади. 
Кейинги манзил “Uchqo’rg’on Farel Baliq” масъулияти чекланган жамияти бўлди. 

Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида кооперация ташкил этилиб, 3 гектар ер майдонида 1 та сув тақсимлаш ҳовузи, 100 та интенсив ҳовуз қуриш ҳамда сув кўтариш учун насослар ўрнатиш ишларига киришилади.

Кооперация томонидан қурилиш ишлари давом эттирилиши билан бир вақтда туман Бандликка кўмаклашиш маркази, Халқ банки, “Соҳил”, “Қумтўғон”, “Кўприкбоши” ва “Ёғду” маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда, ушбу маҳаллалардан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган 20-25 нафардан фуқаролар танлаб олинади. 

Вилоят раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Соҳил” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ноёб балиқ турларини етиштириш корхонаси “DB Group Eco”да бўлди. 

Мазкур корхона 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Бу ерда Европа тажрибасига асосланган ҳолда интенсив усулда балиқнинг ноёб турлари – форель ва лосось етиштириш йўлга қўйилган. Балиқ увилдириқлари ҳамда озуқаси Дания ва Германиядан келтирилади.

Асосан чучук ва кислородга тўйинган сувда яшайдиган, совуқсевар ушбу балиқ турларини етиштириш учун корхона ҳовузларига сув Норин дарёсининг ўзидан қуйилади ва сув айланма оқим билан яна дарёнинг ўзига қайтади. Бунда ортиқча сув ва энергия ресурси сарфланмайди. 

Балиқ увилдириқдан то тайёр маҳсулот ҳолатига етгунига қадар 1-1,5 йил  давомида парваришланади.
Вилоят раҳбари лойиҳани жадаллаштириш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди.

Манба: uza.uz