Қўмита раиси Осиё тараққиёт банки вакиллари билан учрашди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б. Норқобилов мамлакатимизда ветеринария хизмати инфратузилмасини янги босқичга кўтариш, соҳавий илмий-тадқиқот институтлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек ҳайвонлар саломатлигини яхшилаш доирасида Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги миссияси раҳбари Ясмин Сиддиқий билан “Ҳайвонларнинг соғлиғини яхшилаш” лойиҳасини муҳокама қилди.

Мазкур лойиҳа президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан 2021 йилдаги истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхатига киритилган.

Учрашувда лойиҳанинг ишга тушишини тезлаштириш учун 2022 йилнинг бошида юртимизга Осиё тараққиёт банкининг маслаҳат (консультацион) миссияси юборилиши, “Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш” лойиҳасидан иқтисод қилинган маблағлар ҳисобига “Ҳайвонларнинг соғлиғини яхшилаш” лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишда консалтинг фирма ёлланиши таклиф қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш” лойиҳаси юртбошимизнинг 2021 йил 3 мартдаги қарорига асосан Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига ўтказилди.

Лойиҳани самарали амалга ошириш учун қўмита ҳузурида алоҳида юридик шахс мақомидаги Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилди.

Қисқа муддатларда лойиҳа доирасида 128,2 млн АҚШ долл. миқдоридаги амалий ишлар қилинди ёки Осиё тараққиёт банкининг 85 фоиз маблағи ўзлаштирилди.

Дейлик, ушбу сармоя ҳисобига чет давлатлардан 31110 бош наслли қорамол, 53116 бош зотдор қўй-эчки, 16176 бош наслли қуён, 2000 минг бош парранда, 273 бош от, 138 дона қишлоқ хўжалиги техникаси, йилига 30 тонна асал ишлаб чиқариш, 400 тонна жунни қайта ишлаш, 10466 тонна сутни қайта ишлаш, 7609 тонна балиқ етиштириш, 4342 тонна гўштни қайта ишлаш, 219750 тонна ем ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар харид қилинди ва 12 та янги ферма қурилди.

Натижада беш мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.