Навоийлик фуқаро чорва озуқаси етиштирувчи қўлбола ускуна ясади

Мармарлари билан машҳур Ғозғон шаҳрида чорва озуқаси етиштириш учун экин майдонлари деярли йўқ. Ҳудудда майда шохли моллар дала-даштда боқилади, қорамол боқиш эса анча мушкул. Фуқаро Завқиддин Шарипов бунинг имконини топди. У қўлбола усулда чорва учун озуқа етиштирувчи ускуна ясади.

Ускунада озуқа гидропоника усулида етиштирилади. Сувда ивитилиб, бир кун қопга солиб қўйилган буғдой ва арпа махсус жойга ёзилади ҳамда кунига 3 маҳал суғорилади. Униб чиққан майсалар 8-9 кунда молга бериш учун тайёр бўлади. 

“Турмуш ўртоғим билан интернетни кўриб, ушбу йўналишдаги технологияларни ўрганиб ускунани ясадик. Ҳар куни 90 кг буғдой ивитиб, уни ёямиз. 8 кун давомида унга ишчиларимиз қарайди. 9 кунда 90 кг буғдойдан 450-500 кг озуқа оламиз. Майда шохли молларга арпа ивитамиз. У ҳам 9-10 кунда тайёр бўлади. Ҳозирда ем қимматлиги, хашак камлиги туфайли қорамол боқиш қийин. Чорвани ривожлантириш анча муаммо бўлиб қоляпти. Бу ясаган ускунамиз ҳар бир хонадонга асқотиши мумкин. Ҳар бир хонадонда ушбу ускунани кичикроқ ҳажмда ясаб, қорамолларга озуқа етиштирса бўлади”, — дейди хонадон бекаси Марғуба Шарипова.

Ускуна бир кунда қарийб 3 тоннагача озуқа етиштириш қувватига эга. Буерда 6 киши иш билан таъминланган.

Майсали озуқадан егач, сигирлар икки баробар кўп сут бера бошлаган. Оила ҳозирда ҳудуд аҳолисини сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда. Яқинда чет элдан зотдор қорамоллар келтириш ҳам режалаштирилган.  

Манба: kun.uz