Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришда Испания билан ҳамкорлик қилинади

Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида Испаниянинг “WES” компаниси, “OVIGEN” қўй ва эчкичилик ассоциациялари федерацияси вакилларидан иборат делегацияси аъзолари ҳамда “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.

Маълумотларга кўра, “WES” ва “OVIGEN” компаниялари Испания Қироллигининг наслчилик ва генетика соҳасида юқори тажрибага эга етакчи компанияларидан ҳисобланади. Компания томонидан қўйларнинг АSSAF зоти яратилган бўлиб, мазкур зот ўзининг маҳсулдорлиги юқорилиги билан ажралиб туради. Ушбу компаниялар бир қатор мамлакатларга уруғ ва эмбрионларни экспорт қилади.

Учрашувда қоракўлчилик соҳасидаги амалий хамкорлик лойиҳа ва дастурлари ҳамда илғор хорижий тажрибалар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, ҳудудларда майда шохли наслдор моллар етиштириш билан шуғулланувчи қоракўлчилик, наслчилик жамиятлари, наслчилик илмий тажриба станциялари ҳамда кластерлар фаолияти ўрганилиб, соҳада амалга оширилаётган наслчилик-селекция ишлари ва хорижий тажрибалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда майда шохли молларни кўпайтириш, уларнинг зотини яхшилаш, замонавий наслчилик лабораторияларини ташкил этиш ҳамда майда шохли моллар озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича янгича ёндашувлар бўйича таклифлар ўрганилади.

— Биз ўз олдимизга бажаришимиз лозим бўлган 4 та муҳим йўналишни белгилаб олганмиз, – деди Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов. — Жумладан, яйловларни яхшилаш ва чорвачилик соҳасини мукаммал ўзлаштирган кадрларни тайёрлаш, тасарруфимизда бўлган 17 миллион гектар яйловларни деградациядан чиқариш, тадбиркорларни жалб этган ҳолда, гўшт, сут, жун йўналишларида юқори самарадорликка эга бўлган қўй ва эчкилар генефондини ўз юртимизда шакллантириш ва тармоқни саноатлашган соҳага айлантириш ҳамда ундан олинган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга сотишни йўлга қўйишдан иборат. Ҳозирги кунда 2022 йил учун соҳага тегишли 478 та лойиҳа режаси тузилган бўлиб, у 182 миллион долларни ташкил этади. Биз хорижий ҳамкорларни сафимизга қўшилишларидан манфаатдормиз ва ҳамкорликка тайёрмиз.

Ташриф дастурига мувофиқ бир қатор учрашувлар ва амалий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, булар майда шохли молларни замонавий усулда сунъий уруғлантириш, уларнинг генетик банкини яратиш, эмбрионларни лаборатория усулида кўпайтириш бўйича Испания тажрибаси асосида замонавий наслчилик лабораториясини қуриш учун энг қулай бўлган ҳудудни танлаш ҳамда унга кетадиган сарф-харажатлар бўйича маълумотлар тўпланиб борилади.

– Испанияда генетика ва наслчилик соҳасида хусусий тармоқнинг улуши юқори бўлиб, бу чорвачилик тармоғининг ривожига ижобий таъсир ўтказади, – деди «WES» консорциуми президенти Хосе Антониос Эстебан. – Хусусий компаниялар томонидан наслчиликда эришилган илмий ишланмалар чорвачилик хўжаликлари томонидан харид қилинади. Биз асосан майда шохли молларни кўпайтириш учун ҳамкорликни йўлга қўямиз.

Чорвачиликда генетика ва наслчиликнинг илмий асосларини ривожлантирмасдан самарали фаолиятни таъминлаш имконсиз ҳисобланади. Бунинг учун эса замонавий лабораториялар, малакали мутахассислар ҳамда бозор иқтисодиёти қонунлари асосланган соғлом рақобат муҳити талаб этилади.

Тадбир давомида меҳмонларга мамлакатимизда қоракўлчилик соҳасидаги ижобий ўзгаришлар айнан давлатимиз раҳбарининг шахсан қўллаб-қувватлови натижасида амалга оширилаётганлиги, ислоҳотларнинг қонуний асослари ва соҳа ривожи учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумотлар берилди.

Делегация аъзолари қўмита биносидаги ипак ва жун маҳсулотлари шоурумини ҳам кўздан кечирди. Хорижлик ҳамкорларнинг юртимиз бўйлаб сафари 23 мартгача давом этади. 

Манба: uza.uz