Корея тажрибаси асосида юртимизда қорамолнинг янги зоти яратилади

Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов ва Жанубий Корея республикасининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро ташкилотининг юртимиздаги маркази директори О Сонг Жонг билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.

Таъкидлаш керак, қўмита тизимидаги Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтида Жанубий Кореянинг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро ташкилоти – KOPIAнинг мамлакатимиздаги маркази билан ҳамкорликда 2015 йилдан буён аҳоли хонадонларида ёш қорамолларни парваришлаш, озиқлантириш ва бўрдоқилашда Кореянинг “Умумий аралашмали озуқалар жамланмаси” технологияси жорий қилиниб, қорамол махсулдорлигини ошириш бўйича тадқиқотлар амалга ошириб келинмоқда.

Умумий аралашмали озуқалар жамланмаси технологияси жорий қилиниши натижасида аҳоли хонадонларида қорамолларнинг тирик вазни 20 фоизга, озуқанинг ҳазмланиш коэффициенти 20 фоизга, гўшт сифати 12 баллга ошди.

Алоҳида қайд этиш лозим, мазкур технология асосида мол парвариш қилинганида озуқа сарфи 30 фоизга камайиб, чорвадорларнинг даромади 30 фоизга ўсди.

Шунингдек, Корея Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро ташкилоти ҳамкорлиги доирасида 2018 йилдан буён юртимизда “Намунали чорвадор қишлоқлар” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида 2018-2021 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 600 та хонадонга 2000 бошдан ортиқ қорамол олиб берилди. Етарли миқдорда концентрат озуқалар, ўт майдалаш ускуналари ва озуқани аралаштириш учун идишлар билан таъминланди. Умумий аралашмали озуқалар жамланмаси технологияси асосида қорамол боқиш ўргатилди.

Мулоқот давомида томонлар чорвачилик ва наслчилик йўналишларида олиб борилаётган лойиҳаларни давом эттириш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилишди.

Хусусан, Корея технологияси ва тажрибасидан фойдаланилган ҳолда қорамолнинг Ўзбекистон иқлим шароитига мослашган, юқори сут маҳсулдорлигига эга, янги зотини яратишга келишиб олишди.

Манба: uza.uz