Истиқболли ислоҳотларнинг дастлабки босқичи

Бу йил мамлакатимиз тарихига иқтисодиёт, саноат, ишлаб чиқариш соҳаларидаги муҳим ўзгаришлар билан муҳрланадиган бўлди. Аҳоли фаровонлигини таъминлайдиган ушбу драйвер соҳаларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йирик лойиҳалар, истиқболли режалар ишга туширилди.

Жамиятнинг турли жабҳаларига татбиқ этилаётган ислоҳотлар аслида инсон тақдирига дахлдорлик, одамларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга бўлган ўзгача ёндашувлар билан аҳамиятли.

Дейлик, ветеринария ва чорвачилик соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб негизида аҳолини сифатли ва арзон гўшт-сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашдек улуғ мақсадлар мужассам.

Биргина мисол, давлатимиз раҳбарининг соҳага эътибори туфайли жорий йилнинг шу кунига қадар чорва молларининг наслини яхшилаш мақсадида 460 та хўжалик наслчилик тоифасига ўтказилиб, умумий сони 1 727 тага етказилди ва улар томонидан аҳолига 20 минг бошга яқин наслли қорамол етказиб берилди. Бугунги кунда 300 бошдан 500 бошгача қорамоли мавжуд хўжаликлар сони 460 тани, 500 бошдан 1000 бошгача қорамоли мавжуд хўжаликлар сони 256 тани, 1000 бошдан юқори бўлганлари 136 тани ташкил этмоқда.

Аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида ҳар бир туманда 300 – 500 бошдан иборат бўлган жами 608 та, шундан, 315 та бўрдоқичилик ва 293 та сутчилик йўналишидаги йирик чорвачилик комплекслари ташкил этилди.

Ушбу комплекслар томонидан 130 минг тонна тирик вазнда гўшт ва 900 минг тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Охирги икки йилда чорвачилик соҳаси давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида қорамолларнинг 91,8 фоизи аҳоли хонадонларига ва 8,2 фоизи (2019 йилда 4,5 фоиз) фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Жойларда наслчилик ишларини ривожлантириш ва сунъий уруғлантириш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида маҳаллий бюджетдан республика бўйича жами 33 млрд. 267 млн. сўм малбағлар ажратилиб, бунинг ҳисобидан сунъий уруғлантириш шохобчалари зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Эътиборлиси, 2016-2018 йилларда осеменаторларни моддий базасини мустахкамлаш учун умуман давлат бюджетидан маблағлар ажратиб берилмаган.

Ушбу маблағлар ҳисобидан сунъий уруғлантириш шаҳобчалари 3 дона 4,2 тонналик суюқ азотни ташиш учун Криоген идиши, 3 дона суюқ азотни етказиб беришга мўлжалланган махсус автомашина, 1 100 дона Дьюар идиши, 900 дона техник мутахассислар сумкаси, 1 270 дона велосипед, 91 дона “Damas Van” махсус автомашинаси билан таъминланди.

Республикамизга чет давлатлардан гўшт йўналишидаги тез етилувчан қорамолларнинг Абердин-ангус, Шароле, Герефорд ва Лимузин хамда сут йўналишидаги Джерсей, Швиц ва Монбильярд каби янги зотлари олиб келинди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятларида бундай зотлардан 100 минг бошдан ортиғи парваришланмоқда.

Шунингдек, майда шохли молларнинг зотини яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида қўйнинг Меринос, Романов, Эдилбой, Дорпер зотлари ҳамда эчкининг Ангор ва Занен зотлари чет давлатлардан келтирилиб, уларнинг бош сонини янада кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.

Таъкидлаш керак, йил якуни бўйича олинган прогнозларимиз гўшт ишлаб чиқариш тирик вазнда 2,6 млн. тоннани, сут ишлаб чиқариш 11,6 млн. тоннани ва тухум ишлаб чиқариш 8,1 млрд. донани ташкил этганлигини кўрсатмоқда.

Призедентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги 4576-сон қарорига биноан чорвачилик тармоғини (чет давлатлардан келтирилган наслли қорамол, қўй-эчки, жўжалар учун) давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида жами 434 та чорвачилик субъектларига давлат бюджетидан 60,8 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги 5017-сон қарори билан чорвачилик маҳсулотларини етиштириб сотган 623 та субъектларга 50,3 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилди.

Шунингдек, чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 7,2 трлн. сўмлик 1 828 та лойиҳа амалга оширилиб, 21 минг нафар янги иш ўринлари яратилди.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 132,8 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий кредит линиялари, 110,8 млн. АҚШ доллари хорижий инвестициялар, 2,3 трлн. сўм банк кредитлари ҳамда 2,3 трлн. сўм ташаббускорларнинг ўз маблағлари йўналтирилди.

Шу ўринда яна бир мулоҳазани алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун биз ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ислоҳотларнинг дастлабки босқичида турибмиз. Яъни, олдинда амалга оширадиган ишларимиз бисёр. Айни пайтда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари юртимизни дунёнинг чорвачилик соҳаси ривожланган давлатлар сафига олиб чиқиш борасидаги истиқболли режалар хусусида изланишлар олиб бормоқда.

Яқин келажакда ана шундай истиқболли режаларимизни амалиётга татбиқ эта бошласак, давлатимиз раҳбари бошлаб берган, халқимиз кутаётган кенг кўламли ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Баҳром НОРҚОБИЛОВ,
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат
қўмитаси раиси