Экспортёрларга амалий ёрдам кўрсатилади

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарига кўра, ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни экспорт қилишда муаммоларни бартараф этиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида қўмита ҳузурида “Экспортни қўллаб-қувватлаш ва кўмаклашиш” штаби ташкил этилди.

Штаб вакиллари эндиликда экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатади. Юзага келадиган муаммоларни ўрганиб, тезкор бартараф этиш чораларини кўради.

Ишлаб чиқарувчиларга импортёр давлатларнинг талабларини етказиш билан бирга амалий ёрдам кўрсатади. Ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар экспорти билан боғлиқ вазифаларнинг қўмита таркибидаги муассасалар томонидан бажарилишини мониторинг қилиб боради.

Айни пайтда штабга 70 нафар мутахассис бириктирилган.

Штабнинг телеграм мессенжерида ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни экспорт қилишда амалий ёрдам кўрсатиш гуруҳи ташкил этилган.