Чорвачиликда наслчилик: истиқболли лойиҳалар самаралари

Қашқадарё вилоятида 2021йилда Украина, Польша, Германия, Беларусь, Австрия каби мамлакатлардан 9 минг 336 бош наслли, зотли қорамоллар ва 26 минг 655 бош қўй эчки олиб келинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилояти бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турда шу ҳақида батафсил маълумот берилди.

Вилоятнинг Чироқчи тумани Додиқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган “Ҳайиткўл қаймоқ сут” МЧЖ раҳбари Азамат Эшмирзаев ҳам хориждан швитц ва сементал зотли 63 бош наслли қорамол олиб келиб, чорва наслини яхшилади. Айни пайтда келтирилган моллардан соғлом бузоқлар олинмоқда

Пресс-тур иштирокчилари мазкур корхона фаолияти билан яқиндан таништирилди.

– Бир неча йил олдин тадбиркорлик фаолиятимизни ривожлантириб, хориждан сутни қайта ишлаш технологиясини олиб келган эдик, – дейди А.Эшмирзаев. – Ушбу ускуна бир кунда 15 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга. Бошланишига 500 литрдан бир тоннагача сутни қайта ишладик. Ҳозир ушбу кўрсаткич 8 тоннага етди. Хомашёнинг катта қисмини фермер хўжаликлари ва аҳолидан йиғиб оламиз. Шу орада ўзимизни чорвачилик фермамизни ҳам ривожлантира бошладик. Маҳаллий кам маҳсулдор сигирларимизни камайтириб, ўрнига хориждан зотли қорамоллар олиб келдик. Ўтган йили 63 бош олиб келган бўлсак, ҳозир улар 100 бошдан ошди. Жорий йилда ҳам яна 100 бош олиб келишни режалаштиряпмиз. Бу сигирлар парваришига яхши эътибор қаратилса, 30-35 литргача сут соғиб олинади. “Ўзагроинспекция” нинг соҳа инспекторлари наслчилик ишларини доимий равишда назорат қилиб, ўз тавсияларини бериб бормоқда. Мақсадимиз ишлаб чиқариш корхонамизда фойдаланиладиган сут хомашёсини ўз фермамизда етиштириш.

Дарҳақиқат, чорвачиликда наслчилик ишларининг доимий назорати олиб борилиши, чорва маҳсулдорлигини ошишига хизмат қилади. Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, “Ўзагроинспекция” нинг соҳа инспекторлари томонидан жорий йилнинг январь-март ойларида жами 675 та назорат тадбирлари ўтказилган. Ўтказилган назорат ва мониторинг тадбирлари давомида жами 320 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 13 та ҳолатда маъмурий жарималар қўлланилган. 14 таси юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган, тегишлилиги бўйича 13 та тақдимнома киритилган, 280 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар ва 395 та қонунбузилишига йўл қўймаслик юзасидан огоҳлантиришлар берилган.

Паррандачилик ҳам чорвачиликнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Пресс-тур доирасида журналистлар тумандаги “Чироқчи Истиқлол паррандачилик” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Айни пайтда мазкур паррандачилик фермасида “Ломан броун” ва “Хай лайн сония” зотли сермаҳсул 120 мингтадан зиёд тухум йўналишидаги, 60 мингтадан зиёд жўжалар хориждан келтирилган замонавий линия (катаклар)да парваришланмоқда. Ҳайратланарлиси бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак деганларидек, 180 мингта товуқ бир кунда 21 тонна ем истеъмол қилар экан. Энди шуни 365 кунга кўпайтириб кўрилса, паррандачилик билан шуғулланиш ва товуқларни парвариш қилиш осон иш эмаслиги кўринади.

Корхона раҳбари Нурали Мирзаевнинг таъкидлашича, хўжалик балансидаги 200 гектар лалми ердан олинаётган дон маҳсулотлари йил давомида товуқларга бериладиган емнинг 10 фоизига ҳам етмайди. Шу боис емга кетадиган маҳсулотлар яъни дон, маккажўхори, соя шроти, кунгабоқар шроти ва ёғи каби маҳсулотларнинг барчаси ички бозор ва хориждан сотиб олинади. Шунинг учун олинаётган тухум маҳсулотлари экспортга йўналтирилмаса, ўз харажатини қопламас экан.

Ўтган йили корхона вакиллари қўшни давлатларга 70 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилда ҳам 500 минг долларлик экспорт келишувларига эришган.

Манба: uza.uz