Чорвачилик тармоқларини субсидиялаш гўшт нархи барқарорлигини таъминлаяпти

Марказий банк хабарига кўра, жорий йилнинг июнь ойида йиллик инфляция суръати 12,2 фоизни ташкил этди. Йиллик инфляция таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 16,5 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар 10,7 ва 6,8 фоизга қимматлашди.

Бу ҳолат чорвачилик хўжаликлари учун бирламчи хомашё саналган чорва озуқаси нархларига ҳам сезиларли таъсир этди. Мисол учун, 1 дона беда пресс 2,3 бараварга 15 минг сўмдан 35 минг сўмга, 1 кг силос 2,9 бараварга 320 сўмдан 900 сўмга, 1 кг буғдой 1,8 бараварга 2,2 минг сўмдан 4 минг сўмга ва 1 кг маккажўхори 3 минг сўмдан 4,2 минг сўмга, яъни 1,4 баравар қимматлашди.

Биржада 1 тонна шрот нархи 1,4 баравар, яъни 2,9 млн сўмдан 4 млн сўмга, шелуха 1,5 баравар 2 млн сўмдан 3 млн сўмга ўсди.

Ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлар нархлари жумладан, пиёз 48,6 фоизга, шакар 46,7 фоизга, буғдой уни 35,9 фоизга, сабзи 18,2 фоизга ҳамда гуруч 9,7 фоизга ошган бўлса, чорвачиликда узоқни кўзлаб қабул қилинган қарорлар асосида чорвачилик хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, улар томонидан етиштирилган ва реализация қилинган гўшт, сут ва тухум маҳсулотларига субсидия ажратилиши ва қўшилган қиймат солиғидан имтиёзлар берилиши натижасида мол гўшти 1,8 фоизга, қўй гўшти 2,3 фоизга, товуқ гўшти 5,2 фоизга ва тухум 2,6 фоизга ошган холос.

Эслатиб ўтамиз бугунги кунда республикада бир килограмм гўшт нархи ўртача 55-65 минг сўм, бир литр сут нархи ўртача 4,5 -5,5 минг сўмни ташкил этади.

Таққослайдиган бўлсак, Қозоғистонда 1 кг мол гўшти 5,8, Азарбайжонда 7, Россияда 8,5, Туркманистонда 10, Грузияда 10, Туркияда 10,4, ва Кореяда 60 АҚШ долларидан сотилмоқда.

“Ўзбекчорванасл” агентлиги ахборотига кўра, айни пайтда чорвачиликдаги имтиёзлардан самарали фойдаланиш ҳисобига юртимизда 400 минг бошдан зиёд бўрдоқи қорамол боқилмоқда.

Ушбу чорва молларининг сўйиш даражасидаги етилувчанлиги, шунингдек янги ташкил этилган чорвачилик хўжаликлари фаолияти ҳисобидан ички бозорга гўшт етказиб бериш барқарорлиги тўлиқ таъминланади.

Манба: uza.uz