Чорвачилик соҳасига Германия инвестицияси жалб этилади

Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Сирожиддин Бердиқулов ва Германиянинг Шпаркасса банкининг Ўзбекистондаги раҳбари Матиас Ванглер ўртасида бўлиб ўтган музокарада маълум қилинди.

Германия банки томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредит ва грант маблағлари юртимизда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳани модернизация ва диверсификация қилиш, чорвачилик соҳасида қулай агробизнес муҳитини ривожлантиришга йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.

Қарорда белгиланган дастур доирасидаги вазифаларни амалга ошириш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига 2022 йилнинг ўзида Халқаро молия ташкилотларининг 500 миллион доллар миқдорида кредит маблағларини жалб этиш вазифаси юклатилган.

Қўмита томонидан бугунги кунда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Франция тараққиёт агентлиги, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги каби бир қатор халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, улар иштирокида ветеринария ва чорвачилик соҳасида қиймати 500 миллион доллар бўлган янги лойиҳалар ишга туширилди.

Манба: uza.uz