Чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқлари ҳолати таҳлил қилинди

Пойтахтда гибрид шаклда Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 2-минтақавий йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш Бирлашган миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан «Чорвачилик – барқарор озиқ-овқат тизимлари ривожи учун» шиори остида ташкил этилди. Тадбирда 10 га яқин давлатдан хорижий меҳмонлар иштирок этди.

Қайд этилишича, Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 2-минтақавий йиғилиши янада инклюзив ва барқарор чорвачилик тизимини яратиш учун биргаликдаги ҳаракатларни ривожлантиришга қаратилган. «Барқарор чорвачилик глобал дастури» чорвачилик соҳасида ушбу соҳани барқарор ривожлантириш тарафдори бўлган кенг доирадаги манфаатдор томонларни бирлаштиради.

Кўп томонлама ҳамкорлик механизми орқали дастур иштирокчилари манфаатдор томонларга ўз мажбуриятларини бажариш, инвестицияларни жалб қилиш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун стратегик қарорлар қабул қилишда ёрдам беради.

Дастур бир қатор ташаббусларни амалга оширади. Жумладан, вебинарлар, нашрлар, тажриба лойиҳалари, минтақавий ва глобал учрашувлар ҳамда шу орқали бутун дунёда чорвачиликни барқарор ривожлантириш учун ҳаракатлар ва сиёсий қарорларни асослаш учун зарур бўлган ўзаро мулоқот, илмий маълумотларни умумлаштириш ва тарқатишни рағбатлантиради.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ички истеъмол бозорида гўшт, сут, тухум ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик озуқа базасини кенгайтириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш ҳамда чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш, чорвачилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш каби вазифалар режалаштирилган.

– Чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларининг жорий ҳолати таҳлили шуни кўрсатганки, республикамизда жами 18 минг 32 та чорвачилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан 7 минг 614 таси қорамолчилик, 3 минг 263 таси қўй ва эчкичилик, 142 таси йилқичилик, 52 таси туячилик, 1 минг 163 таси паррандачилик, 4 минг 829 таси балиқчилик, 715 таси асаларичилик ва 254 таси қуёнчилик йўналишида ташкил этилган. Биргина қорамолчилик йўналишида 500 бошдан 1000 бошгача чорва моли бўлган хўжаликлар сони 256 тага, 1000 бош ва ундан юқори чорва моли бўлган хўжаликлар сони 136 тага етган, – дейди “Ўзбекчорванасл» агентлиги бошқарма бошлиғи Матёқуб Матёқубов.

Аҳоли жон бошига гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш 47,5 килограммга (1 кишига йиллик меъёр — 46,1 килограмм), сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичи 336 килограммга (1 кишига йиллик меъёр — 310,4 килограмм) етказилган.

Манба: uza.uz