Чорва учун субсидиялар оширилдими? Фермерлар нима дейди?

Жорий йилнинг 8 февраль куни “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Жорий йилнинг 8 февраль куни “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу қарор моҳиятан чорвачилик соҳаси билан шуғулланаётган тадбиркорлар фаолиятига таъсир кўрсатиши, чорвадорларга имтиёз ва енгилликлар яратиши, натижада чорва маҳсулотлари ҳажми ошишига, аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эхтиёжларини қондирилишига хизмат қилиши мўлжалланган.

Хўш, бу ҳақда фермерлар қандай фикрда? Human.uz мухбири ушуб қарорнинг моҳияти, чорвадор учун тақдим этилаётган имтиёз ва енгилликлари хусусида чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган фермерлар билан суҳбатда бўлди.

Хусан Араббаев, Чиноз туманидаги “Yulduz” фермер хўжалиги раҳбари:

– Ушбу қарор натижасида хўжалигимизда етиштирилиб, реализация қилинган сутнинг ҳар бир литри учун 400 сўм, гўштнинг тирик вазнидаги ҳар бир килограмми учун 4000 сўмга оширилиши бизнинг фаолиятимиздаги молиявий қийинчиликлар учун енгиллик бўлди.

Чунки бугунги кунга қадар ўртача ойлик 250.000 литр сут реализациясига 50,0 млн.сўм субсидия маблағи олган бўлсак, янги қарор бўйича 100 млн. сўм, ўртача ойлик 15.000 кг. гўшт реализацияга 30 млн. сўм субсидия маблағи олган бўлсак, янги қарор бўйича 60 млн. сўм олиш имкониятига эга бўлдик. Яъни, қўшимча маблағлар эвазига маҳсулот етиштириш қувватимизни янада оширишга эришамиз.

Бундан ташқари, мазкур қарор билан тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредит муддатлари ва имтиёзли даври узайтирилиши туфайли чорвачиликда янги давр бошланди десам хато қилмайман. Сабаби шу кунга қадар биз фақат 3 йиллик ёки узоғи 5 йиллик кредит олиб фаолият юритганмиз.

Яна бир гап, кредит ва лизинг шартлари асосида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари кредит ва лизинг фоизи харажатларининг 10 фоиз пунктидан ортиқ қисми Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан республика бюджети ҳисобидан қопланиши биз учун катта ёрдам бўлди.

Масалан, 1 дона озуқа ўрадиган ва йиғадиган техникани 1,5 млрд.сўмга йиллик 24 фоиз банк кредити ҳисобидан сотиб оладиган бўлсак, хўжалигимиз бир йилда 360 млн. сўм банк кредитига фоиз тўлаши керак бўлади. Энди эса, ушбу банк кредитининг 14 фоизини, яъни 210 млн. сўмини давлат қоплаб беради. Биз 150 млн.сўм фоизли харажат қиламиз. Натижада 210 млн.сўм маблағ ўз айланмамизга қолади.

Эътибор беринг, ойлик сут-гўшт реализациядан қўшимча 80 млн. сўм субсидия, банк кредитининг фоизи қопланиши натижасида йиллик 210 млн. сўм маблағ хўжалигимизнинг молиявий томондан қўллаб-қувватланишига, фаолиятимизни кенгайтиришга катта имконият яратади.

PS: “Yulduz” чорвачилик фермер хўжалиги 1995 йилда ташкил этилган. Асосий фаолияти сут ва гўшт маҳсулотлари етиштириш ва сотиш. Бугунги кунда хўжаликда 50 нафардан ортиқ ишчи хизмат қилади.

Манба: human.uz