Чорва қишлови учун меъёридан кўп ҳашак жамғарилган

Қишнинг қорли-қировли кунлари нафақат одамларни, балки чорва молларини ҳам етарли озуқа билан таъминлашни талаб этади. “Озиғи борнинг қозиғи бор” деган нақл шундан.

Қорамолми, қўй-эчкими, нимаики чорва тури бўлмасин, қишдан беталофат чиқса келаси йилга яхши даромад беради.

Мамлакатимиздаги чорва молларини қишдан беталафот ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар, жамғарилган озуқа базасининг ҳолати бўйича “Ўзбекчорванасл” агентлиги Бош директори Бахтиёр Атамуродов ЎзА мухбирига интервью берди.

– Бугунги кунда республикада жами 7 614 та чорвачилик субъектлари фаолият юриб келмоқда.

Жорий йилда чорвачилик субъектларига озуқабоп экинлар экиш учун 339,7 минг гектар ажратилган асосий ердан 40.4 минг гектарига янги беда (95.2 минг гектар эски беда мавжуд), 143 минг гектарига силос учун маккажўхори, 30,8 минг гектарига оқ жўхори, 13,5 минг гектарига ҳашаки лавлаги экилди.

Шунингдек, ғалладан бўшаган 177 минг 505 гектар майдонга такрорий озуқабоп экинлар экилди. Чорва моллари озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида жами 23,8 млн. тонна озуқа жамғарилди.

Хусусан, чорвачилик субъектлари томонидан асосий экин ер майдонидан 2 млн. 514 минг тонна дағал хашак, 823 минг тонна сомон, 1 млн 793 минг. тонна беда, силос учун 5 млн 808 тонна маккажўхори, 1 млн 934 минг оқжўхори, 982 минг тонна хашаки лавлаги, 3 млн 467 минг тонна оралиқ экин жамғарилди.

Ғалладан бўшаган майдонларга чорвачилик субъектлари томонидан такрорий озуқабоб экинлар экилиб 1 млн. 234 минг тонна хашакаи лавлаги, 4 млн 684 минг тонна силос учун маккажўхори жамғарилиб, қишлов даври учун жами 5 млн. 918 минг тонна ширали озуқа тайёрланди.

Чорвани озиқлантиришда яшил массага бўлган талабни қондириш учун Сирдарё вилояти тажрибасини қўллаган ҳолда 105 минг гектар майдонга оралиқ экин экилди.

Гидропоника технологияси асосида 490 та хўжаликда кунига 882 тонна яшил озуқа етиштириш йўлга қўйилди.

Таққослайдиган бўлсак, чорвачилик фермер хўжаликларидаги 1 млн. 50 минг бош қорамол қишлови учун 1 млн. 785 минг тонна дағал хашак таълаб этилади. Амалда 2 млн 514 минг тонна жамғарилди, яъни мўлжал 140 фоизга етказилди. Талаб этиладиган 1 млн 564 минг тонна ширали озуқа базаси амалда 6 млн. 899 минг тоннага, 441фоизга етказилди.

Манба: uza.uz