Чорва – оиланинг баракаси

Ҳовлисида битта соғин сигири бор рўзғорнинг дастурхони файзли, қўшимча даромадли бўлади.

Шу боис юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, бу борада тадбиркорликни йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратиляпти. Мақсад аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашдир. Фарғона вилоятида соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бўлиб, биргина ўтган йилда 1бу йўналишда 106 та лойиҳа амалга оширилди.

Бағдод туманида чорвачиликка ихтисослашган 37 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларда парваришланаётган йирик шохли қорамоллар сони 5 минг 7 бошни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 112,4 фоизга, яъни 553 бошга ортган. Гўшт етиштириш бўйича ҳам ижобий ўсиш кузатилди. Жумладан, 2020 йилда 2 минг 797 тонна гўшт етиштирилган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 5 минг 982 тоннага етди.

“Ғофуржон Деҳқон”, “Зироатчи Мустафақул”, “Лочин”, “Унсин ая” каби чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида гўшт ва сут етиштиришда илғор инновацион технологияларнинг кенг жорий этилаётгани эвазига ҳосилдорлик йилдан-йилга ортиб бораётир.

“Зироатчи Мустафақул” фермер хўжалигига “Халқ банки” томонидан ажратилган 12,5 миллиард сўм кредит маблағлари эвазига ўтган йили Чехия, Словакия ҳамда Венгрия давлатидан 420 бош қорамол келтирилиб, йил якунига қадар улардан 230 бош бузоқ олинди. Хўжалик раҳбари Ақлиддин Жиянбоевнинг айтишича, наслли чорва ҳайвонлари белгиланган рацион асосида парвариш қилинмоқда.

–  Бу қорамоллар сутчилик йўналишида бўлиб, ҳар бир соғин сигирдан ўртача  30 литргача сут соғиб олиняпти, – дейди А.Жиянбоев. – Ноябрь ойининг бошидан бери 300 тонна сут сотдик. Бу кўрсаткич муттасил ортиб бораётганини таъкидлашим лозим. Мақсадимиз – аҳолининг ушбу маҳсулотга бўлган талабини кафолатли таъминлашдан иборат.

Фермер хўжалигида жорий  йил учун кўзланган режалар аниқ: аввало, бу ерда сутни қайта ишлаш технологияларини ўрнатиш орқали 8 турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Ушбу лойиҳа Наврўз байрами арафасида тўлиқ амалга оширилиши кутилмоқда ва натижада қўшимча 15 та иш ўрни яратилади.

Умуман олганда, туманда мавжуд чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларида 2022-2026 йиллар давомида умумий қиймати 8,5 миллиард сўмлик 11 та йирик лойиҳаларни амалга ошириш орқали 874 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Манба: uza.uz