“Бир йилда 80 миллион сўм даромад топаман” – 16 ёшли миллионер

Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Суҳроб Алоуддинов мактабда 10-синф ўқувчиси. Аммо у ўз даромадига эга ва соҳаси бўйича устозлик даражасига етган ёш тадбиркор. Суҳроб дарсдан бўш вақтларида асаларичилик билан шуғулланади.

Ёш тадбиркор 5-синф пайтида шунчаки қизиқиш учун 2 та асалари оиласини боқишни бошлаган. Шу тариқа у соҳага қизиқиб кетган ва тажрибали асаларичига шогирд тушиб, меҳнатдан қочмаган ҳолда керакли билим ҳамда кўникмаларни ўрганган. 

– Болаликдан асални яхши кўраман. Кичкиналигимдан митти асаларилар қандай қилиб шунча асални йиғади, деб ўйлардим. Тоғаларим асаларичилик билан шуғулланади. Уларнинг ёнига бориб, асалариларни боқиш сир-синоатини ўргандим. Шундан асалари боқишга қизиқишим ортди. 7-синфлигимда мустақил равишда 40 та асалари олаларини парвариш қилдим. Бугунги кунда асаларилар оиласи 60 тага етди. Шуни ҳам айтиш ўринли, асаларичилик фаолиятимда “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг ёрдами катта. Уюшма мутахассислари соҳага оид янги билим ва кўникмаларни ўргатмоқда. Битта асалари оиласидан 15-20 килограмм асал оламан.  

Ўзи асаларидан бир йилда 3 марта асал олиш мумкин. Ўтган йили бир ярим тоннага яқин асал олиб, асалини ўзидан 80 миллион даромад топдим. Бугунги кунда асаларичиликни ўрганаётган 6 нафар шогирдим бор. Ишдан, дарсдан бўш бўлганида келиб, соҳанинг сир-синоатларини ўрганади. Бугунги кунда улар ҳам ўз асалариларига эга. Мактабда тенгдошларимнинг кўпи мен бошлаган асаларичилик бизнесига қизиқади. Дарсдан сўнг уларга асалари боқиш сирларини ўргатаман. Айрим тенгдошларимиз телефон, интернетдаги кераксиз ўйинларга боғланиб, вақтини беҳуда ўтказади. Уларга ўзи ва оиласи учун фойдали, юқори даромадли асаларичилик билан шуғулланишни таклиф қиламан, – дейди Суҳроб Алоуддинов. 

Суҳроб ёш бўлишига қарамасдан соҳани яхши ўзлаштирган ёшлардан. Ҳозирда йилига 3 марта асал олади. Ҳосил баҳор келишига ва табиатга қараб 1-1,5 тонна бўлади. Маҳалладошлари, қўни-қўшнилар ҳатто 7 маҳаллага довруғи кетган. Шу сабабли маҳсулот учун бозор излаб юришга ҳам эҳтиёж йўқ. 

Суҳроб келажакда асалари оилаларини кўпайтириб, асал маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилишни режалаштирган.  

Манба: uza.uz