Балиқчилик соҳасида эронлик мутахассислар билан ҳамкорлик ривожланмоқда

Теҳронда Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси томонидан “Sharq-BaligI” Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонаси билан ҳамкорликда балиқчилик бўйича семинар ташкил этилди.

Мамлакатимиздаги балиқ етиштирувчи корхоналар ходимлари илмий-техник билими ва малакасини оширишга қаратилган ўқув машғулотида Ўзбекистоннинг соҳага ихтисослашган қатор хўжаликлари, корхона ва компаниялари раҳбарлари ҳамда ходимлари иштирок этди. Ўқув курсида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балиқни озиқлантириш, даволаш, табиий ва сунъий сув ҳавзасидан оқилона фойдаланишга доир маълумот берилди. Шунингдек, балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари, интенсив ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш, хўжаликни бошқариш тизимини такомиллаштириш, корхона моддий-техник базасини янгилаш каби мавзулар ҳам қамраб олинди. 

Эроннинг Табриз университети профессори, “Sharq-BaligI” Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонаси таъсисчиси Муҳаммадризо Муқаддамнинг айтишича, мазкур тадбир натижаси Ўзбекистонда балиқчиликни яна ривожлантиришга ҳисса қўшади. Маълумот тариқасида қайд этиш жоиз, корхона томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яна бир йирик лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Қиймати 4,5 миллион долларга тенг мазкур инвестициявий лойиҳа доирасида тез орада интенсив балиқчилик кластери барпо этилади.

Манба: uza.uz