Андижонда 2022 йилда 282 миллион дона тухум етиштирилади

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Андижон вилоятига ташрифи давомида аҳолининг бандлигини таъминлаш орқали даромадини ошириш, хусусан, аҳоли хонадонларида 2 миллион бош парранда боқишни ташкил этиш борасида топшириқ ва вазифалар белгилаб берган эди.

Мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар, амалий ишлар натижасида вилоятдаги ишсиз, даромади паст бўлган оилалар ҳамда парранда боқиш истагидаги 17 минг 939 та хонадонда парранда боқиш йўлга қўйилиб, ана шу хонадон соҳибларининг даромад манбаи шакллантирилди. Бундан ташқари, Шаҳрихон тумани “Оқ олтин” маҳалласидаги 107 та хонадонда “Водий Инвест Зийнати” масъулияти чекланган жамияти томонидан кооперация усулида паррандачилик ташкил этилди.

Президентимиз ташаббуси билан аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш борасидаги ишлар жорий – 2022 йилда ҳам изчил давом эттирилади. Маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари орқали томорқаси бор хонадонларга 100 бошдан парранда, 20 бошдан қуён, 5-6 бошдан қўй-эчки, 5-10 бошдан курка ва 5 тадан асалари уяси тарқатиб, боқилишини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. 

Ушбу ишларни ташкил этиш мақсадида вилоятдаги 870 та маҳаллада паррандачилик кооперативлари ташкил этилади. Бу борада аҳоли хонадонларига 100 бошдан парранда тарқатиш ишларини 3 босқичда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Жумладан, биринчи босқичда 870 та маҳалладаги 15 тадан, жами 13 минг 50 та эҳтиёжманд оила хонадонига 1 миллион 305 минг бош парранда тарқатилади. 

Иккинчи босқичда бошқарма, ташкилот ва муассасаларнинг эҳтиёжманд ишчи-ходимларининг хонадонида парранда боқиш ташкил этилади. Ҳозирда вилоятдаги 145 та бошқарма, ташкилот ва муассасаларда иш олиб бораётган 10 минг 701 нафари эҳтиёжманд ишчи-ходим қайд этилган бўлиб, улардан 9 минг 792 нафари ҳовли уйда истиқомат қилади, яъни паранда боқиш имконига эга. Ана шу оилаларга 1 миллион бош парранда тарқатилади. 

Аҳоли хонадонларига хонаки паррандаларни етказиб бериш учун ҳар бир маҳаллаларда 1 тадан кооператив ташкил қилиниб, улар томонидан хонадонларга хонаки товуқ, товуқлар учун катак ва озуқа-ем етказиб берилади. Хонадонларда етиштирилган тухумлар кооперативлар томонидан сотиб олиниб, деҳқон бозорларда улар учун ажратилган алоҳида жойларда сотилиши йўлга қўйилади. 

Бугунги кунда “Хуршид тантанаси” масъулияти чекланган жамиятида аҳолига тарқатиш учун 300 минг бош хонаки товуқлар парвариш қилинмоқда. Ушбу товуқлар жорий йил 15 февралдан аҳоли хонадонларига тарқатилади. Умуман, маҳаллаларда ташкил этиладиган кооперативлар ҳамда хонадонларга товуқ етказиб бериш ишларини самарали ташкил этиш учун “Хуршид тантанаси”, “Марҳамат элит парранда” корхоналарига Белорус ва Франция давлатларидан 2,5 миллион дона хонаки наслли товуқ тухуми ҳамда 30 минг дона қора курка тухуми олиб келиш учун вилоят маҳаллий бюджетдан 10 миллиард сўм миқдорида ссуда маблағлари ажратиб берилди. 

Юқорида қайд этилган ишларни амалга ошириш натижасида вилоятдаги 15 минг 333 та хонадоннинг даромади оширилади, шу билан бирга, вилоятда йил давомида 282 миллион дона тухум олишга эришилади. 

Манба: uza.uz